Жорий йилнинг 29 март куни Республика ташхис маркази Илмий-методик Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартибига 5 та масала, жумладан, 2017 йилга мўлжалланган методик ишлар режаси тасдиқлаш; Марказ фаолиятига оид ўқувчиларни психологик-педагогик ташхис ва касб-ҳунарга йўналтиришга мўлжалланган электрон ресурсларни (методикалар, методик тавсиялар, тавсиялар, дидактик материаллар ва бошқалар) яратишнинг  истиқбол режасини тасдиқлаш; 2016 йилдаги “Maktab va hayot” илмий-методик журнали фаолиятининг мазмун ва самарадорлигини таҳлили ва уни такомиллаштириш масалалари; Умумий ўрта таълим муассасалари қошида логопедия шохобчалари ташкил этилиш ахволи, кадрлар билан таъминланиши (Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари мисолида) ва Марказ мутахассислари томонидан жорий йилнинг 1-чорагида яратилган методикалар, методик қўлланмалар ва тавсияларни нашрга тавсия қилиш ва таълим жараёнига тадбиқ қилиш масалалари киритилди.

Марказнинг Илмий-методик Кенгаши иш режасига киритилган масалалар бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришнинг методик таъминоти бўлими   1-тоифали методисти Ф.Ботиров томонидан “Умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган касб-ҳунарга йўналтирувчи ўқитувчилар (меҳнат фани ўқитувчиси, психологлар) учун, ўқувчиларнинг қизиқиши, қобилиятига мос равишда касб-ҳунарга йўналтириш” мавзусида тайёрланган методик тавсияномаси муҳокама этилиб, маъқулланди ҳамда билдирилган фикрлар асосида камчиликларни бартараф этган ҳолда  «Maktab va hayot» илмий-методик журналида чоп этишга тавсия берилди.

Бўлим ҳодимлари томонидан “Ота-оналар учун касбий маслаҳатлар” методик тавсияси, “Касб-ҳунарга йўналтириш асослари” мавзусидаги электрон ахборот таълим ресурси (ЕАТR) тайёрланди ва ундан фойдаланиш мавзуси юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

2017 йил 7 мартдаги Республика ташхис марказининг 9-сонли буйруғи билан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари мисолида жойларда ташкил этилган ҳамда янги очилиши лозим бўлган логопедик шохобчаларнинг очилишига тайёргарлик кўриш ҳолати ва фаолият олиб бораётган ўқитувчи-логопедларнинг касбий маҳоратларини ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш, логопед-ўқитувчи (дефектолог)лар учун ҳудудий ўқув семинарларни ташкил этиш, методик ёрдам бериш мақсадида жорий йилнинг 13-18 март кунлари хизмат сафари уюштирилди.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида Жиззах ва Сирдарё вилоятлари мисолида ўрганилиши режалаштирилган “Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган амалиётчи психологларнинг билим салоҳияти ва касбий маҳорати ҳамда умумтаълим мактабларида психологик хизмат хоналарининг ташкил этилиш аҳволи тўғрисида”ги масалани ўрганиш иш ҳажмининг кўпайганлигини инобатга олиб Марказ директорининг рухсати билан жорий йилнинг сентябрь ойига кўчирилди.

Психологик хизмат бўлими методистлари томонидан “Мактаб педагогик кенгаши кун тартибига психологик хизмат бўйича киритиладиган мавзулар рўйхати ва мавзулар юзасидан тавсиялар”, “Мактабгача, умумий ўрта таълим муассасалари, махсус мактаб ва мактаб-интернатлари, “Меҳрибонлик уйи” психологларининг намунавий йиллик иш режалари”, “Вояга етмаган ўқувчи қизлар орасидаги суицид ҳолатлар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни ўрганиш юзасидан тавсиялар”, “Болалар уйи ва болалар шаҳарчалари муассасалари тарбияланувчиларига комплекс диагностик профилактик коррекция ишларини ташкил этиш ҳамда ижтимоий-педагогик-психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тавсиялар” ва “Вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларини олдини олиш юзасидан таълим муассасалари педагог ва психологлари учун тавсиялар” ишлаб чиқилди.

Марказнинг 2017 йил 7 мартдаги 9-сонли буйруғи асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг умумий ўрта таълим муассасалари қошида ташкил этилган логопедия шохобчалари фаолияти ва ўқитувчи-логопедларнинг касб маҳоратлари жорий йилнинг 13-18 март кунлари ўрганилди. Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2016/2017-ўқув йилида 707 та умумий ўрта таълим муассасалари бўлиб, улардан 3 таси бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан
2015 йил 26 октябрда 2722-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасаси қошидаги логопедия шохобчаси тўғрисида”ги Низомга кўра 2016/2017-ўқув йилида республика бўйича жами 16 та логопедия шохобчаси очилиши керак бўлсада, 9 та умумий ўрта таълим муассасалари қошида логопедия шохобчаси очилган. Нукус шаҳрида 2 та, Хўжайли туманида 2 та, Элликқалъа туманида 2 та, Беруний туманида 1 та, Тўрткўл туманида 2 та ташкил этилган.

Нукус шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг буйруғига асосан 18 ва 32 умумий ўрта таълим муассасалари қошида логопедия шохобчаси ташкил этилган.

Шаҳардаги 32-мактаб қошида ташкил этилган логопедия шохобчаси фаолияти ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.

Нукус шаҳар молияси томонидан 1 ставка штат бирлиги ажратилган. Ўқитувчи-логопед Кубейсинова Умида Турсинбаевна, 1993 йили Нукус давлат педагогика институтини педагогик-психология йўналишини битирган. 2010 йил Низомий номидаги Тошкент давлат университетида дефектология йўналиши бўйича қайта тайёрловдан ўтган. Умумий педагогик иш стажи 23 йил.

Шаҳар ХТМФМТТЭБнинг буйруғига асосан шаҳардаги 8 та мактаб бириктирилган. Мактабда алоҳида хона ажратилган. Логопедия хонаси ўқитувчи-логопед томонидан Низом талаблари асосида кўргазмали қуроллари, тарқатма материаллари, ҳар бир бола учун ойналар билан жиҳозланган.

Нутқида нуқсони бор 62 нафар болаларнинг рўйхати шакллантирилган. 41 нафари шу мактабнинг ўзидан 21 нафари бошқа мактаблардан. Ушбу ўқувчилар рўйхати асосида нутқидаги нуқсонларига қараб гуруҳларга ажратилган. Шакллантирилган гуруҳлар бўйича гуруҳ машғулотлари жадваллари тузилиб, мактаб директори томонидан тасдиқланган.     62 нафар ўқувчилар учун нутқ харитаси тўлдирилган.

Ўқитувчи-логопед У.Кубейсиновани йиллик иш режалари, ўқув-мавзу тақвим режалари ишлаб чиқилган, директор томонидан тасдиқланган. Шу кунгача ўтилган машғулот мавзуларига машғулот конспекти ёзилган, кўргазмали қуроллар тайёрланган.

Нукус шаҳар ХТМФМТТЭ бўлими мудирини буйруғини тайёрлаш даврида логопедия шохобчаси ташкил этиладиган мактаб ва унга бириктирилган мактаблардаги синф комплектининг умумий сони ҳисобга олинмаган. Жумладан 32-мактабга бириктирилган мактаблардаги мавжуд 1-4-синф комплектлари сони жами бўлиб, 130 тани ташкил этади.

Тасдиқланган Низомнинг 18-бандида “Ўқитувчи-логопед штат бирликлари логопедия шохобчасига бириктирилган умумтаълим муассасаларида мавжуд ҳар 25 та бошланғич синфга 1,0 бирлик” деб кўрсатилган. Амалда 5,0 штат бирлиги бўлиш ўрнига, шаҳар молияси томонидан 1,0 штат бирлиги ажратилган.

Шохобчага жалб этилган нутқида нуқсони бор болаларни рўйхат асосида диагнози (ташхиси) бўйича танишиб, таҳлил қилинганда 6 нафар ўқувчида ринолалия, 8 нафар ўқувчида дизартрия, қолган ўқувчилар нутқи тўлиқ ривожланмаган, товуш талаффузида камчилиги бўлган ўқувчиларни ташкил этади.

Низомнинг 15-бандида “Нутқ аппарати аъзоларининг тузилиши ва ҳаракатида нуқсонлари (ринолалия, дизартрия, дудуқланиш) бўлган I-IV синф ўқувчилари билан якка (индивидуал) тартибда 15 дақиқадан, нутқ нуқсони бартараф этилгунга қадар хафтасига уч мартадан машғулотлар ташкил этилади” деб кўрсатилган.

Рўйхат бўйича ўқитувчи-логопедга ҳафталик иш юкламаси 18 соат эмас, балки ундан кўпдир. Яъни 6 нафар (ринолалия) ўқувчига якка тартибда ҳафтасига 3 соатдан машғулот ўтишини ҳисобга оладиган бўлсак, шуни ўзи 18 соатни ташкил этмоқда.

Амалда фаолият юритаётган ўқитувчи-логопед У.Кубейсинова хафталик иш юкламаси 18 соат бажариш ўрнига, унданда кўпроқ пед.юкламани бажармоқда. Унга тўланаётган ойлик иш ҳақи 1 ставка ҳисобида 18 соатга тўғри келмоқда.

Хўжайли туманидаги 32, 65-умумий ўрта таълим муассасалари, Элликқалъа туманидаги 22, 61-умумий ўрта таълим муассасалари, Беруний туманидаги 49-умумий ўрта таълим муассасаси, Тўрткўл туманидаги 5, 30-умумий ўрта таълим муассасалари қошида логопедия шохобчалари ташкил этилган.

Ушбу туманларда ҳам умумий ўрта таълим муассасалари қошида ташкил этилган логопедия шохобчаларини ҳужжатларини расмийлаштиришда ҳам юқоридаги каби камчиликларга йўл қўйилган.

Тизимдаги педагог ва раҳбар ходимларнинг базавий тариф ставкалари ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ходимларининг лавозим маошлари миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарори билан тасдиқланган ҳужжат асосида ойлик маошлари белгиланган.

Хўжайли, Элликқалъа туманларида тиббиёт методистлари, Беруний туманида касб-ҳунарга йўналтирувчи методисти штатлари анчадан буён вакант. Вакант бўлиб турган методистларнинг лавозим вазифларини вақтинча бажариб туриш учун гуруҳдаги бошқа методистларга юклатилган.

Туман (шаҳар) бўлимини йиллик иш режаси асосида кичик гуруҳларнинг иш режалари ишлаб чиқилган, вазирлик билан келишиб, бўлим мудири томонидан тасдиқланган.

Жорий йилнинг 15 март куни Халқ таълими вазирлигида туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимини Ўқувчиларни касбга йўналтиришни ва педагогик-психологик диагностикасини методик таъминлаш кичик гуруҳининг барча методистлари, логопедия шохобчасини ўқитувчи-логопедлари иштирокида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Семинар иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди. Ўқув-амалий семинар материаллари иштирокчиларга электрон шаклда етказилди.

Қашқадарё вилоятида 2016-2017 ўқув йилида 1127 та умумий ўрта таълим муассасалари бўлиб, улардан 3 таси бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан
2015 йил 26 октябрда 2722-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасаси қошидаги логопедия шохобчаси тўғрисида”ги Низомга кўра 2016-2017 ўқув йилида республика бўйича жами 15 та логопедия шохобчаси очилиши керак бўлсада, 2 та умумий ўрта таълим муассасалари қошида логопедия шохобчаси очилган. Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг буйруғига асосан Косон туманидаги 9-мактабда, Қамаши туманидаги 1-мактабда логопедия шохобчалари ташкил этилган.

Косон туманидаги 9-умумий ўрта таълим муассасаси қошида ташкил этилган логопедия шохобчасининг фаолияти ўрганилганда 2017 йил март ойидан иш бошлаган. Мактабда алоҳида хона ажратилган. Хона Низом талаби бўйича 20 кв.м. чиқмайди. Ўқитувчи-логопед томонидан имкон қадар Низом талаблари асосида кўргазмали қуроллари, тарқатма материаллари, ҳар бир бола учун ойналар билан жиҳозланган.

Нутқида нуқсони бор болаларнинг рўйхати фақат 9-мактаб бўйича шакллантирилган. Ҳар бир ўқувчига нутқ хариталари, йиғма жилд папкалари энди шакллантирилмоқда. Ўқитувчи-логопедни йиллик иш режалари, ўқув-мавзу тақвим режалари ишлаб чиқилган, директор томонидан тасдиқланган. Шу кунгача ўтилган машғулот мавзуларига машғулот конспекти ёзилган, кўргазмали қуроллар тайёрланган.

Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан логопедия шохобчасини ташкил этиш бўйича ҳужжатларини расмийлаштиришда хатоликка йўл қўйилган. 9-мактабда 18 та бошланғич синф бўлиб, туман молияси томонидан 1 ставка ажратилган.

Тасдиқланган Низомнинг 18-бандида “Ўқитувчи-логопед штат бирликлари логопедия шохобчасига бириктирилган умумтаълим муассасаларида мавжуд ҳар 25 та бошланғич синфга 1,0 бирлик …” деб кўрсатилган. Ўқитувчи-логопеднинг рўйхат бўйича ҳафталик иш юкламаси 18 соатни ташкил этмайди. Амалда эса ўқитувчи-логопедга хафталик иш юкламаси 18 соат бўйича хақ тўланиши белгиланган.

Республика ташхис Марказининг ҳудудий вакили М.Қурбоновнинг тақдим этган маълумотларига кўра, вилоятдаги туман (шаҳар)ларда логопедия шохобчаларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилган. Ҳар бир туманда бўлим мудирининг номидан молия бўлимларига ёзма равишда хат билан мурожаат этилган. Нутқида нуқсони бор болаларнинг рўйхати шакллантирилган, логопедия шохобчаси очиладиган мактаблар белгиланган. Вилоят молия бошқармаси томонидан рухсат бўлмаганлиги учун туманларда рухсат берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан 2015 йил 26 октябрда 2722-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасаси қошидаги логопедия шохобчаси тўғрисида”ги Низом талаблари асосида логопедия шохобчаларини молиялаштириш ва ойдинлик киритиш мақсадида 17 март куни вилоят молия бошқармаси бошлиғи А.Шукуров билан учрашилди.

Вилоят молия бошқармаси бошлиғи А.Шукуровнинг таклифига биноан ҳар бир туманда очилиши режалаштирилган логопедия шохобчалари сони ва манзиллий рўйхати тайёрланиб, вилоят халқ таълими бошқармасининг 2017 йил 17 мартдаги 01/6-5-1089-сонли хати орқали етказилди.

Жорий йилнинг 18 март куни Қарши шаҳридаги 5 мактабда туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимини Ўқувчиларни касбга йўналтиришни ва педагогик-психологик диагностикасини методик таъминлаш кичик гуруҳининг барча методистлари, логопедия шохобчасини ўқитувчи-логопедлари, мактаб директорлар иштирокида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Семинар иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди. Ўқув-амалий семинар материаллари иштирокчиларга электрон

Бухоро вилоятида умумий 8 та логопедия шоҳобча очилган, 3 та логопедия шохобчаси очилишга режалаштирилган. Режа бўйича қанча очиши керак эди? Ташкил этилган логопедия шоҳобчаларда фаолият олиб бораётган ўқитувчи-логопелар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, рўйхатдаги ходимларнинг 4 нафари мутахассис дефектолог-логопед, 4 нафари Низомий номидаги Тошкент ДУда қайта тайёрловда таълим олмоқда, қолган ходимлар номутахассис. Вилоят бўйича 1-4 синфларда таълим олаётган нутқида нуқсони бўлган 844 нафар болаларнинг рўйхатлари шакллантирилган. Аммо ўқувчилар рўйхати асосида келажакда ташкил этиладиган логопедия шохобчаларининг сони ва жойлашув дислокацияси ишлаб чиқилмаган.

Шу жумладан: Бухоро вилояти Қоракўл, Ғиждувон, Пешку, Ромитан туманларидан бошқа туманларда умумтаълим мактабларда фаолият олиб бораётган ўқитувчи-логопедларнинг иш юритиш ҳужжатлари, буйруқ, ўқувчилар рўйхати, йиллик ва гуруҳли иш режалари, дарс жадвали, давомат журнали, нутқ хариталари, ота-оналар билан ишлаш дафтари, таҳлил дафтари, кундалик иш режалари, марказий поликлиника маълумотлари ҳужжатлари мавжуд эмас. Ташкил этилган логопедия шохобчалари умумтаълим мактаблари маъмурияти томонидан имкон қадар Низом талабларидан келиб чиқиб жиҳозланган. Аксарият хоналарда 50х100 см ли деворий кўзгулар, ўқувчилар сонига караб 10 дона бўлиши керак бўлган 9х12 см ли кўзгулар сони етарли эмас. Электр ёритгич, ўқувчилар учун парта, синф доскаси, ўқитувчи-логопед учун стол, стул, кўргазмали қуроллар учун шкаф, логопедик зонд, шпатель, кесма харф ва бўғинлар жамланмаси, деворий харф кассаси, дафтар ва ўқув қўлланмалар, дидактик адабиётлар етарли эмас.

Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятдаги умумтаълим мактаблардан ўқитувчи-логопедларни ишчи гуруҳи томонидан Низомга асосланиб ҳар бир туманда логопедия-шохобчаси ўрганилди. Логопед-ўқитувчиларнинг меъёрий ҳужжатларини, хоналарини талабга мувофиқлигини, зарур анжомлар, кўргазмали қуроллар, логопед ўқитувчининг ишлаб чиқган методикалари мавжудлиги текширилди ва амалий ёрдам, тавсиялар берилди.

Самарқанд вилоятида Халқ таълими вазирлигининг 2016 йил 23 декабрдаги 02-02/1-2-5812-сонли хатида белгиланган 2016/2017-ўқув йилида вилоятда 18 та логопедия шохобчаларини очиш ҳамда уларга ўқувчиларни жалб қилиш тўғрисида топшириқлар берилган бўлишига қарамасдан, бу борадаги ишлар вилоятда 50%га бажарилган.

Самарқанд вилоятида жами 9 та Самарқанд шаҳрида 1 та, Каттақурғон шаҳрида 1 та, Булунғур туманида 1 та, Пастдарғом туманида 1 та, Нарпай туманида 1 та, Тайлоқ туманида 1 та, Самарқанд туманида 1 та, Нуробод туманида 1 та, Ургут туманида 1 та логопедия шохобчалари фаолиятини бошлаган ва 142 нафар нутқида нуқсони бор ўқувчилар қамраб олинган. Фаолият юритаётган ўқитувчи-логопедларнинг ҳаммаси мутахассислардир.

2016/2017-ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактаблари қошида жами 22 та логопедия шохобчаларини ташкил этилиши режалаштирилган бўлсада, масъул ходимларнинг лоқайдлиги сабабли, бугунги кунга қадар молиялаштириш ишлари тўлиқ охирига етказилмаган. Вилоятдаги умумтаълим мактаблари қошида очилган логопедия шохобчаларини молиялаштириш бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси жорий йилнинг 16 февралдаги 485-сонли хати орқали вилоят молия бошқармасига мурожаат қилинган.

Ўрганиш давомида Самарқанд шаҳрида 1-сонли умумтаълим мактаб, Пастдарғом туманида 21-умумтаълим мактаб, Самарқанд тумани 2-ИДУМ, Нарпай туманидаги 56-мактаб, Ургут туманида 143-умумтаълим мактабларда логопедик шохобчаларида ажратилган хоналар тўлиқ жиҳозланмаган, зарур анжомлар, кўргазмали қуроллар, методикалар етарли эмаслиги маълум бўлди.

Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларида, хусусан умумтаълим мактаблари ҳамда мактаб-интернатларида логопед-дефектолог мутахассис ўқитувчилар сони жами 127 нафарни ташкил этади.

2017 йил 16 март куни Самарқанд шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг кичик гуруҳи вакиллари ҳамда логопед-дефектологлар иштирокида кенгайтирилган амалий семинар ташкил этилди. Ўтказилган семинарда ушбу Низомнинг мазмун-моҳияти, логопедия шохобчаларнинг фаолияти, унинг мақсадлари, ўқувчиларнинг нутқидаги нуқсонларни бартараф этиш ишларининг сифат самарадорлигини ошириш борасида қилинаётган, қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан иштирокчиларга маълумотлар, кўрсатмалар берилди.

Bizning manzil

Toshkent shahar,
Yakkasaroy tumani,
Qushbegi ko`chasi, 16-A-Uy
Indeks: 100022
Tel.: (+99871) 250-35-80
Fax.: (+99871) 250-93-73
E-mail: tashxis_markazi@xtv.uz

Markaz rekvizitlari

L/S:400110860262877950100075001
INN: 203830036
OKONX: 92200
Moliya vazirligi g`aznachiligi
R/S: 23402000300100001010
Toshkent shahri Markaziy banki
Toshkent shahri XKKM
MFO: 0014
INN: 201122919

Ko’rsatkichlar

Back to Top

loading